Фидойи касб эгалари шарафланди

09:55 02 Октябр 2023 Жамият
256 0

Фото: Халқ сўзи

Хоразм вилоятида мактабгача ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизимларида 45 минг нафардан зиёд устоз ва мураббийлар ёшларга таълим тарбия бериб келмоқда.

Кейинги йилларда соҳадаги туб ислоҳотлар натижасида узлуксиз таълимнинг барча босқичларида ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Масалан, мактабгача таълим тизимида 2016 йилда вилоятда боғча ёшидаги болаларнинг қамров даражаси 21 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 81 фоизга етди. Жорий йилда вилоятдаги 12 та умумтаълим мактабида 3 минг 344 ўринли янги ўқув бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўқувчиларга иккита хорижий тил ва битта касб ўргатиш тизимини жорий этиш бўйича 51 та умумтаълим мактаби маҳаллий ҳокимликлар томонидан 20 млрд. сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминланди. Яқинда мактабларда хорижий тил ва информатика фанларини ўқитиш лойиҳаси доирасида вилоятдаги 55 та умумтаълим мактабларига 880 дона компьютер жамланмалари ва бошқа ўқув жиҳозлари етказиб берилди.

Кейинги йилларда вилоятда олий таълим муассасаларида қабул квоталари сони ошиб, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди, бир нечта нодавлат университетлар ташкил қилиниб, минглаб талаба ёшларни ўз бағрига олди. Натижада 2021 йилда вилоятда мактаб битирувчиларнинг 26 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 50 фоиздан ошди.

— Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, барча саъй-ҳаракатлар “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилган,- дейди Қўшкўпир туманидаги 5-сонли мактаб ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Феруза Аллаберганова.— Жорий йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани, “Ўзбекистон -2030» стратегиясида асосий эътибор таълим соҳасини ислоҳ қилишга қаратилгани бежиз эмас. Чунки, Учинчи Ренессанс – мактаб остонасидан бошланади, устоз ва мураббийлар эса янги Уйғониш даврининг яратувчиларидир.

Хоразм вилоятида ҳам 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирига барча шаҳар ва туманлардан мактабгача ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида меҳнат қилиб келаётган фидойи устоз ва мураббийлар, соҳа фахрийлари таклиф қилинди. Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ёш авлодга таълим-тарбия беришда муносиб ютуқларга эришган бир гуруҳ устозларга давлат мукофотлари, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда байрам совғалари топширилди. Тадбир вилоят санъат усталари ижросидаги байрам концерти билан давом этди.

                                                                          Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер