Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга тайёрмизми?
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларида «Фавқулодда вазиятларда давлат тизими бошқаруви органлари, аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли вазиятларда муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар» мавзусида қўмондонлик штаб ўқув машқи ўтказилди. Бундан мақсад, фавқулодда вазиятлар юзага келганда тез ва ўринли қарор қабул қилиш, тўғри ҳаракат қилиш, ҳимояланишни ўргатишдан иборат.

— Уч кунлик тадбирда Андижон вилоятидаги 15 та объектларда махсус ўқув машқлари ва 15 та кўчириш тадбирлари бўлиб ўтди, — дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бўлими ахборот хизматининг раҳбари Ҳаётбек Раҳимов. — Режага биноан фавқулодда вазиятлар юзага келганда аҳолини кўчириш кўникмасини шакллантириш мақсадида 5506 нафар фуқароларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш амалиёти бажарилди. Машғулотларга 3061 нафар шахсий таркиб вакиллари, 449 та махсус техника воситалари жалб этилди. Иштирокчилар 38 та топшириққа асосан кутилмаган ҳодисалар жараёнида жисмоний, жанговар тайёргарлиги юзасидан билим ва кўникмаларини намойиш этди.

Тадбирда иштирокчиларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қанчалик тайёр экани синовдан ўтказилди. Камчилик ва муаммолар ечимини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилиб, фаол иштирокчилар тажрибасини оммалаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг