Фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш соҳасида парламент назоратини илмий-услубий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Меморандум қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, соҳадаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва парламент фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Ҳамкорлик доирасида фавқулодда вазиятларни прогнозлаш ва хавф-хатарларни комплекс баҳолаш, аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш ва хавфсизлик маданиятини шакллантириш, ёнғинлар, сув тошқинлари, сел ва ер кўчиши каби хавфлар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш каби устувор йўналишлар белгиланди.
Томонлар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда ҳамкорлик қиладилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг