Фарғоналик тадбиркорлар вилоят ҳокимини истиқболли лойиҳалари билан таништирди

15:27 26 Декабрь 2022 Жамият
727 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокимлигида туризм йўналишида янги лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда 12 нафар тадбиркор вилоят ҳокимини бу бўйича ишлаб чиққан истиқболли лойиҳалари билан батафсил таништирди. Ҳар бир лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари ўрганилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Мулоқотда лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулайликларни янада кенгайтириш, туристик объектларни замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қуриш муҳимлиги таъкидланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилишича, Учкўприк туманида «Меҳригиё» оилавий корхонаси томонидан “EXPO-CENTER” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда органик ўсимликлар музейи, оранжерея, гастроном, конгресс-хол, авто-паркинг ва бошқа бир қатор бино-иншоотлар қурилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Сўх туманида болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида “EDU LAND” МЧЖ томонидан юртимизда биринчи бор туризм саноати мутахассисликлари таянч мактабини ташкил этиш мақсад қилинган. Мактабда замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тиллар ўргатилиши, туризм бўйича етук кадрлар захираси яратилиши режалаштирилмоқда. Эътиборлиси, 2023 йилнинг январь ойидан фаолият бошлайдиган ушбу мактабда қўшни давлатлардан ҳам ўқувчилар жалб этилади.

Тақдимотлар давомида Қува туманида жойлашган Каркидон сув омбори ҳудудида 300 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга дам олиш мажмуаси, Ёзёвон туманида туячилик туризм маркази ташкил этиш ҳамда Фарғона шаҳридаги фойдаланилмай ётган Ёшлар кўли ўрнида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида болалар учун кўнгилочар маскан бунёд этиш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер