Фарғоналик нуронийлар соғлом турмуш тарзини тарғиб этишмоқда

11:07 26 Ноябрь 2024 Жамият
252 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида бир неча йиллардан буён нуронийлар велосипедда мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга чиқиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб келмоқдалар.

Дастлаб Қўштепа туманида 10 нафар фахрий ва ҳаваскор спортчилар иштирокида фаолият бошлаган ушбу гуруҳ аъзолари сони бугунги кунда 50 нафарга яқинни ташкил этади. Ҳозирги кунда йўлларда бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик мақсадида гуруҳ аъзолари учга бўлинган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси кўмагида велоспортчи отахонлар биргина жорий йилнинг ўзида Фарғона водийси, мамлакатимиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасигача саёҳатга чиқишди. Вилоятларда улар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, спортнинг оммавийлигини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом ҳаётни тарғиб этиш бўйича қувонарли ютуқларга эришилмоқда.

— Шу йилнинг декабрь ойи бошида пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Шоҳимардон қишлоғига велосаёҳат уюштиришни режалаштирганмиз, — дейди гуруҳ раҳбари, 77 ёшли Каримжон ота Ҳакимов. — 2025 йилнинг баҳорида эса велосипедда юртимизнинг энг олис ҳудуди бўлган Сурхондарё вилоятига бориш, агар ташкилий масалалар ҳал этилса, қўшни Афғонистонга ўтиш кўзда тутилган.

Айтиш жоиз, гуруҳнинг энг фахрий аъзоси 82 ёшда бўлса, аксарият велоспортчилар 72-75 ёшда. Ҳар душанба куни барча аъзолар Марғилон шаҳридаги спорт мактабида йиғилиб, соғломлаштириш машғулотларини олиб боришади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер