Фарғонада уруш қатнашчиларига эъзоз ва эҳтиром кўрсатилмоқда

17:35 08 Май 2023 Жамият
648 0

Фото: «Халқ сўзи»

Президентимизнинг жорий йил 2 май кунги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида Фарғона вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари хонадонларига ташриф буюрилиб, уларга Президентимизнинг байрам табриги, 18 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда совғалар ва кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари топширилмоқда.

Самимий мулоқотлар давомида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари Орифжон ота Мўминов, Турсунбек ота Исанбеков ва Қорабой ота Тешабоевлар хонадонида бўлди. Юзма-юз учрашувда уруш фихрийлари ва уларнинг оила аъзоларини Хотира ва қадрлаш куни байрами билан қутлади. Шунингденк, давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди ва мукофотларни ўз эгаларига топширди.

- Айни навқирон 19 ёшимда урушга кетган эдим,-дея хотирлайди Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғида яшовчи Турсунбек ота Исанбеков. – Ғалабадан сўнг уйга қайтиб, бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим. Ўз навбатида 8 нафар фарзандни камолга етказдик. Бугун давлатимиз, Президентимизнинг эътибор ва эъзозидан мамнун бўлиб, оиламиз даврасида бахт ва фароғатда умргузаронлик қилмоқдамиз.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов, вилоят мудофаа ва хавфсизлик тизимлари, вилоят секторлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида Тошлоқ туманида яшовчи Одилжон ота Зокиров ва Файзулло ота Эминов, Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи Тўланбой ота Шокиров ва Қаҳҳоржон ота Мағрипов хонадонларида ҳам юзма-юз учрашувлар ташкил этилди. Учрашувларда давлатимиз раҳбарининг уруш фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттириб, 18 миллион сўмдан пул мукофотлари тантанали равишда тақдим этилди. 

- Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий меҳр ва ғамхўрлик учун миннатдормиз,-дейди олтиариқлик Тўланбой ота Шокиров. – Бундай эътибор ва рағбат қалбимизни тоғдек юксалтиради, дориломон кунлар шукуҳидан баҳраманд бўлиб яшашга бўлган иштиёқимизни кучайтиради.

Айни кунларда вилоят бўйлаб Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирлари давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер