Фарғонада тест синовлари қандай ўтмоқда?
Шу йилнинг 2 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Сўх туманида жойлашган 6 та стадионларда тест синовлари бошланди.

Вилоят ҳокимлиги кўмаги билан ҳудудлар кесимида 300 та автобус ажратилиб, вилоят ИИБ, транспорт бошқармаси, шаҳар-туманлар ҳокимликлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган режа-жадвал асосида абитуриентлар ўз вақтида имтиҳонлар ўтказиладиган стадионларга етказилди. Тест синовлари якунига етгач, барча абитуриентлар яна ўз манзилларига элтиб қўйилади.

Таъкидлаш жоизки, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест синовларида қатнашиш учун уларнинг яшаш манзилларига яқин ҳудудлар танланди. Шу тариқа Қўқон тумани ҳудудлари учун Қўқон шаҳридаги марказий стадион, Фарғона ҳудуди бўйича эса Фарғона ва Марғилон шаҳарларида жойлашган стадионлар бириктирилди.

— Белгиланган режа асосида вилоятимизда ҳар куни 7 минг 170 нафар абитуриентлар имтиҳон топшириши учун барча шароитлар муҳайё этилди, — дейди Давлат тест маркази Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Исмоилхон Шокиров. – Тест синовларининг илк куни карантин тартиб-қоидалари асосида ташкил этилиб, абитуриентлар ниқоб, ручка, 0,5 ҳажмли салқинлантирувчи ичимлик билан таъминланди.

Шунингдек, имтиҳон жараёнида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларда видеокузатув ҳамда жамоатчилик назорати ташкил этилди.
Ботир МАДИЁРОВ,
"Халқ сўзи"
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг