Фарғонада шаҳридаги гўзал ва кўркам масканлар сектор раҳбарларига намуна сифатида кўрсатилди
Фото: "Халқ сўзи"
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ташаббуси билан шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари Фарғона шаҳрида жойлашган “Шакарқишлоқ”, “Кимёгар” ҳамда “Машъал” маҳаллаларида кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишишди.
“Шакарқишлоқ” МФЙдаги Тарона кўчасида 82 та кўп қаватли турар-жойнинг ертўла қисмида ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув марказлари, чевархоналар ва бошқа йўналишларда тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилган. Бу йил маҳаллада “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, Book-cafe, футбол майдончаси ҳамда воркаут майдончалари ташкил этилди.
“Кимёгар” маҳалласида эса “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 10 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экилди. Ободонлаштириш ишлари доирасида МФЙ ҳудудида 12 та болалар майдончалари, 200 та кўча ўриндиқлари, дам олиш учун 50 та очиқ айвонлар, 12 та маросимлар ўтказиш айвони қурилди. Эзгу ташаббус рўёби учун 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
“Машъал” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ташкил этилган Микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси ҳамда маҳалла ҳудудида янги ташкил этилган пардачилик цехи фаолияти сектор раҳбарларига маъқул бўлди. Шу билан бирга кўп қаватли уйлар оралиғидаги бўш турган 1 гектар ер майдонида барпо этилган “Ёшлар эко боғи”ни намуна сифатида ҳудудларда кўпайтириш мақсадга мувофиқ эканлиги эътироф этилди.
— Сектор раҳбарлари ўз ҳудудида ана шундай масъулият ва иштиёқ билан фаолият олиб борса, зиммамиздаги юмушларни амалга оширишда яхши натижаларга эришамиз, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. — Бу “Яшил макон”, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида белгиланган дастурлар ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Амалий семинар тарзида ташкил этилган учрашувда шаҳар ва туманларда кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдончаларини кўпайтириш, кўп қаватли уйлар ертўлаларидан унумли фойдаланиш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг