Фарғонада Польша университети ташкил этилади
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти ҳокимлигида Польшанинг Бидгош иқтисодиёт университети халқаро лойиҳалар бўйича декани, Шарқий ҳамкорлик маркази директори Магдалена Бергманн бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Фарғона вилояти ҳамда Бидгош иқтисодиёт университети ўртасида олий таълим ва илм-фан соҳасида, шунингдек, давлат хизматчилари малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимо ввилоятдаги олий таълим муассасалари фаолияти ва айни соҳада халқаро ҳамкорликнинг жадал ривожланиб бораётгани, эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди.
Польшалик меҳмонлар Бидгош шаҳри ва яна 7 та шаҳарда филиаллари жойлашган университет фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Самимий мулоқотда Фарғона вилоятида хусусий университет очиш, 1-босқичда таълимни бакалавр бўйича иқтисодиёт йўналишидан бошлаш, кейинчалик ижтимоий йўналишларни ҳам қўшиш ва давлат хизматчилари ходимлари малакасини ошириш курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таклифлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши таъкидланиб, эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш учун амалий ишларга киришишга келишиб олинди.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг