Фарғонада «Оналарга эҳтиром» фестивали бўлиб ўтди

22:42 30 Май 2021 Жамият
1536 0

Шу йилнинг май ойи давомида мамлакатимизда илк бор Фарғона вилоятида «Оналарга эҳтиром» фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалнинг якуний вилоят босқичи доирасида Марғилон шаҳридаги «Ижодкорлар боғи»да катта байрам дастури ташкил этилди.

Боғ ҳудудидаги амфитеатрда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган икки минг нафарга яқин мўътабар онахонлар ҳамда опа-сингиллар, минглаб меҳмонлар жамулжам бўлди.

— Фестивалнинг асосий мақсади Сиз улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромимизни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ота-онага ҳурмат туйғусини юксалтиришга қаратилган, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Қолаверса, фарзандлик бурчларини адо этиш, мўътабар волидаларимизни қадрлаш фазилатларини шакллантиришдан иборатдир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова вилоят оналари ҳамда улар тимсолида юртимиз аёлларига кўрсатилаётган меҳр-муҳаббат мамлакат миқёсида кенг қулоч ёзишига ишонч билдирдилар..

Фестиваль доирасида «Энг маърифатли фарзанд онаси», «Энг яхши ҳарбийлар сулоласи онаси», «Энг яхши шифокорлар сулоласи онаси», «Энг яхши раҳбар она», «Энг яхши олима она» каби 25 та номинацияда вилоят миқёсида ғолиб бўлган оналарга мукофотлар топширилди. Биринчи ўрин эгаларига икки камерали музлаткич, иккинчи ўрин соҳибларига кир ювиш машинаси, учинчи ўринга муносиб топилганларга телевизор совға қилинди. Ғолиблар вилоят ҳокимининг фахрий дипломи билан ҳам тақдирландилар.

Тадбир доирасида ўтказилган концерт дастурида Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳом Фармонов, Алишер Файз, севимли санъаткорлар Ҳулкар Абдуллаева, Абдужалил Қўқонов, Зохиршоҳ Жўраев иштирокида куй-қўшиқлар жаранг сочди. Вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган она мавзусидаги саҳна кўринишлари байрамга ўзгача шукуҳ бахш этди.

«Оналарга эҳтиром» фестивали Марғилон узра порлаган ранг-баранг ва ёрқин мушаклар билан барчага унутилмас тааcсуротлар бахш этди.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер