Фарғонада «маҳаллабай» ишлаш тизими қандай самара бермоқда?
Маҳалла институти халқимизнинг дунёда ўхшаши йўқ, энг ноёб эзгу фазилатлари сирасига киритилиши бежиз эмас. Асарлар мобайнида сайқалланиб келаётган бу эзгу қадриятни бугун замонавий мезонлар асосида ривожлантириш мақсадида «Фарғона тажрибаси» амалиётга жорий этиляпти.
Айни пайтда Фарғона вилоятидаги 1 минг 41 та маҳалла фуқаролар йиғинида «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий этилиб, «ўсиш нуқталари» аниқланяпти ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқиляпти.
Шу кунларда Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан секторлар кесимида «маҳаллабай» ишлаш тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилмоқда.
Сенатнинг ишчи гуруҳи аъзолари Қўштепа, Бешариқ, Тошлоқ туманида «маҳаллабай» иш ташкил этиш борасидаги мавжуд ҳолат, аҳоли муаммолари билан яқиндан танишдилар.
Бешариқ туманининг «Файзиобод» МФЙда ташкил этилган “Sherwood Desion” корхонасида маҳалладаги «Аёллар дафтари»га киритилган 76 нафар аёлларнинг 35 нафари фаолият бошлади.
— «Маҳаллабай» тизими асосида хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни ўрганишганида ишсиз эканлигимни айтгандим, — дейди мазкур маҳаллада яшовчи Маҳлиё Холматова. — Шу тариқа мени «Аёллар дафтари» рўйхатига киритишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу корхонага тикувчи бўлиб ишга жойлашдим. Оиламиз доимий даромад манбаига эга бўлганидан беҳад мамнунман.
Фарғона тажрибаси сифатида мамлакатимиз бўйлаб оммалаштирилиши режалаштирилаётган «маҳаллабай» тизими ҳар бир муаммо ва масалага аниқ ёндашув туфайли ҳам эътиборга сазовор бўлмоқда. Муштарак мақсад йўлида ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб борилса, орзулар, албатта, рўёбга чиқади.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи аъзоларининг Фарғона вилоятидаги ўрганиш ишлари 17 апрелга қадар давом этиши режалаштирилган.
Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг