Фарғонада ДХМ филиаллари 9 тага етди
Бугун халқ манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилаётир.
Фуқароларимизнинг давлатга ишончи ортиб, яшашга иштиёқи юксалмоқда. «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган тамойилни амалга ошириш орқали янги ренессанс даврига қадам қўйяпмиз. Одамларни рози қилиш учун биринчи галдаги вазифа - муносиб турмуш шароити яратиш, эҳтиёжларини таъминлаш, давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб бораётир.

Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари халқ ва давлат идоралари ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажаришга киришди. Эндиликда фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадида марказдан олис ҳудудларда филиаллар ташкилланмоқда. Фуқароларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида халқ ихтиёрига топширилаётган филиаллар сони кундан кунга ортиб бораётгани айни ҳақиқат.
Жумладан, Учкўприк туман марказидан 33 километр узоқликда жойлашган «Оқсув» маҳалласида ҳам Давлат хизматлари марказининг филиали иш бошлади. Ушбу филиал Учкўприк туманидаги Сариқўрғон, Янгиер, Қурбонқашқар, Тожик, Оқсув маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 6 минг 500 та хонадондаги 30 мингдан ортиқ аҳоли учун хизмат кўрсатади.
— Давлат хизматлари маркази ходимлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, марказ ходимлари имконияти чекланган маҳалладошларимизга хизмат кўрсатиш учун тез-тез келиб, сайёр хизмат кўрсатиб кетишади, - дейди маҳалла фаоли Абдусалом Абдулхақов — Энди хизматлардан фойдаланишимиз янада осонлашди. Маҳалламизнинг ўзида Давлат хизматлари марказининг филиали очилди. Яқин-атрофдаги 32 мингдан зиёд тумандошларимизнинг юмушлари шу ернинг ўзида битадиган бўлди.
Тантанали очилиш маросимида иштирок этган маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, қишлоқ аҳли ва кенг жамоатчилик вакиллари филиалда яратилган шароитлар билан танишди.
Бувайда тумани Давлат хизматлари марказининг «Бувайда» филиали марказдан 15 км узоқликда жойлашган. «Бувайда» филиали Янгиқадам, Янгиҳаёт, Араб, Бостонбува, Алқор, Турк, Урганжи, Жилва, Бештерак, Хўжаобод, Шодлик, Бувайда, Элобод, Озод, Қиловтепа, Бумозор, Янгиқишлоқ, Тоғлиқ каби жами 19 та қишлоқда яшовчи 40 мингга яқин фуқароларга хизмат қилади.
— Ёшим етмишга яқинлашган бўлса, оддий одамлар учун яратилаётган бу каби шароитларга энди гувоҳ бўляпман, -дейди меҳнат фахрийси Аҳматқул ота Бобоев. -Яратганга шукр, бир парча қоғоз учун кунни кеч қиладиган замонлар ўтди. Шундоққина маҳалламиз марказига кирамизда, исталган хизмат туридан фойдаланамиз.
Филиалларда барча қулайликлар мавжуд. Замонавий жиҳозланган, кенг ва ёруғ хизмат хонаси, хушмуомала ва самимий марказ ходими халқимиз хизматига камарбаста.
Давлат хизматлари марказларининг жойларда ташкил этилаётган филиаллари юксак мақсадлар сари одимлаётган Янги Ўзбекистонга хос ва мос тарзда фаолият кўрсатади. Халқимизнинг юксак ишончи, эзгу орзу ва умидлари ана шу мўъжаз бинода ўз ифодасини топади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг