Фарғонада 19 та марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди
Фарғона вилоятининг 4 та шаҳар ҳамда 15 та туманида жойлашган марказий деҳқон бозорларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ўз фаолиятини бошлади.
Ярмаркаларда кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари бозордагидан арзон нархда таклиф этилиб, харидорларга қулайлик яратиш мақсадида нақд пул ва нақд пулсиз усулда хизмат кўрсатилмоқда. Маҳсулотлар сифати ва узлуксизлигини таъминлаш маҳаллий ҳокимликлар масъуллари томонидан доимий назоратга олинган.
Шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, миришкор томорқачилар учун ярмаркалар ҳудудидан алоҳида жой ажратиб берилди. Бозор ҳудудидаги музлатгичли омборхоналарда маҳсулот сақлаш учун шароит яратилди.
—Президентимиз раислигида куни кеча ўтказилган йиғилишда муборак Рамазон ойи муносабати билан нарх-навонинг асоссиз ошиб кетмаслигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди,—дейди Риштон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Дониёржон Раҳмонқулов.—Шунингдек, ушбу ойда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Риштон тумани деҳқон бозори ҳудудида иш бошлаган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасида оила эҳтиёжи учун керакли 50 турдан ортиқ маҳсулотлар жамланган. Аҳолига қулай ва осон бўлиши учун ярмарка бозорнинг киравериш қисмида жойлаштирилди.
Айтиш жоиз, Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан муқаддас Рамазон ойининг меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик руҳини янада мустаҳкамлаш учун бир қатор эзгу ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, вилоят бўйлаб “Камбағал оилалар реестри”да турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ёлғиз кексаларга бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида Рамазон ойи билан боғлиқ оилавий маросимларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, нуронийлар билан биргаликда амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилади. .
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг