Фарғонада 11 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди
Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш бўйича навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) маълум қилди.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Божхона ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Учкўприк туманида тезкор амалиёт ўтказдилар. Тадбир давомида Қўштепа туманида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Gentra» автомашинаси тўхтатилди.
Автомашинада бўлган икки нафар Қўқон шаҳрида яшовчи шахслар (1994 ва 2002 й.т.) Фарғона туманига бориб, қўшни республикадан ноқонуний олиб кирилган 11 650 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олишган.
Тезкор гуруҳ автомашинани тўхтатган вақтда, қонунбузарлар дори воситаларини машинадан улоқтириб, воқеа жойидан қочишга уринишган. Бироқ кўрилган тезкор чоралар натижасида уларнинг режаси амалга ошмади ва гумонланувчилар қўлга олинди.
Аниқланишича, ушбу шахслар мазкур дори воситаларини Фарғона ва Қўқон шаҳарларида сотишни режалаштирган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатма: Ҳурматли фуқаролар, агар сиз шу каби қонунбузилиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар беришингиз мумкин. Шахсингиз сир сақланиши тўлиқ кафолатланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг