Фарғона вилоятида Хитой тажрибаси кенг жорий этилади
Фото: “Халқ сўзи”
Айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алибек Турсунов бошчилигидаги соҳа масъуллари ҳамда кластерлар раҳбарларидан иборат делегация Хитойда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш орқали Фарғона қишлоқ хўжалигида Хитой тажрибасини кенг жорий этишга қаратилган. Қарийб бир ҳафта мобайнида вилоят делегацияси Пекин ва Ченду шаҳарларида бўлиб, бир қатор мулоқотлар олиб боришади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритишда “Ақлли қишлоқ хўжалиги” технологияларини жорий этиш бўйича истиқболли келишувларга эришиш мақсад қилинган.
Ўз навбатида Хитойнинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида энг йирик муассасаларидан бири – Пекин қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик академияси қошидаги илмий-тадқиқот маркази билан Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Хитойнинг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналарини бориб кўриш ҳамда бундай техникаларни Фарғона вилоятида йиғиш ва сервис хизматини жорий этиш борасида музокаралар ўтказилади.
Делегацияга вилоят ҳокимининг Фарғона ва Хитой ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Отахон Хайруллаев ҳамроҳлик қилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг