Фарғона вилоятида 229 та МФЙ аҳолиси илк бор марказлашган ичимлик суви таъминотига эга бўлади

17:54 21 Февраль 2023 Жамият
700 0

Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда ушбу бошқарма буюртмачилигида 418,4 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 229 та МФЙда 817,5 км ичимлик ҳамда 62,6 км оқова сув тармоғи бўлган 182 та иншоотни қуриш ва таъмирлаш жараёни қизғин суръатга кирди. Эътиборлиси, бунинг самарасида жорий йилда вилоятда 128,2 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви таъминотига эга бўлди ҳамда 98,8 минг нафар истеъмолчиларнинг сув таъминоти барқарорлашади.

Хусусан, Фарғона тумани «Марказ» МФЙдаги Марказ, Чашма, Миндон хамда Ворис кўчаларига 6,5 км масофада ичимлик суви тармоғини тортиш, битта қудуқ қазиш ва сув минорасини ўрнатиш белгиланган.

Мазкур маҳаллада ташкил этилган амалий семинарда вилоятдаги тегишли қурилиш-пудрат ташкилотлари масъуллари иштирок этди. Унда ҳар бир объект сифатли қурилиши ва ўз муддатида якунланиши, энг муҳими, бундан одамлар рози бўлиши кераклиги хусусида аниқ вазифалар қайд этиб ўтилди.

Семинар ишида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қатнашиб, белгиланган вазифалар ижроси ҳар бир объект кесимида ўрганилиши, қурилиш ишлари сифати ички назорат гуруҳи томонидан текширилиши, сифатсиз маҳсулотлардан фойдаланиш ҳолати аниқланса, пудратчи ташкилот раҳбарлари тегишли тартибда жавобгарликка тортилишини таъкидлади.

— Бу каби янгиланиш ва ўзгаришлардан, аввало, халқимиз рози бўлиши зарур, — деди вилоят раҳбари. — Бундан буён бюджетнинг ҳар бир сўм маблағи тўғри йўналтирилиши назорат қилинади. Ҳар бир объект мутахассислар иштирокида алоҳида ўрганилгач, сифати талабга жавоб берса, фойдаланишга қабул қилиниши мумкин.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер