Фарғона вилояти делегацияси Жанубий Кореяда
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлиб турибди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жумабоевнинг «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилишича, учрашувлар Инчхон шаҳрида “Posco International” корпорацияси раҳбарияти билан мулоқотдан бошланди. Жанубий Кореянинг энг йирик корпорацияларидан бири бўлган “Posco International” металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, текстиль ва бошқа кўплаб соҳаларда халқаро миқёсда муваффақиятли бизнес юритмоқда. 63 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қиладиган компаниянинг йиллик соф фойдаси қарийб 6 миллиард долларни ташкил этади.
Музокаралар давомида корпорациянинг Фарғона шаҳрида 1996 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган “Posco Textile” корхонасини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш, Ёзёвон туманида пахтачилик кластерини ташкил этиш ҳамда пахта етиштиришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қамраб олувчи ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйиш, бунда Корея бозори талабларига мос момиқ сочиқлар, сунъий толали аралаш матолар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Фарғонада етиштирилган мева-сабзавотларни Корея бозорига экспортини йўлга қўйиш, Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳар лойиҳасида инвестициялар билан иштирок этиш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Мулоқот якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда “Posco International” ўртасида қиймати 65 миллион доллар бўлган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Вилоят делегацияси Кореянинг йирик шаҳарларидан бири – Ёнгинда бўлиб, шаҳар ҳокими Пек Кун-ки бошчилигидаги расмийлар билан учрашув ўтказди. Ёнгин Кореянинг «ақлли шаҳар» концепциясига уйғун ҳолатда энг тез ривожланаётган шаҳарларидан биридир. Ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришда дунёда таниқли Ёнгин шаҳрида, шунингдек, Кореядаги энг йирик “Everland” кўнгилочар парки ҳамда “Caribbean Bay” аквапарки, Корея миллий боғи жойлашган.
Учрашув чоғида икки ҳудуд ўртасида алоқаларни амалий ҳамкорликка айлантириш, Савдо-саноат палаталари ўртасида делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш орқали ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишига замин яратиш, Фарғонада ярим ўтказгичлар, электроника ва уй хўжалиги моллари ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб қилиш, Фарғона ва Ёнгин шаҳри олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш, шаҳарсозлик инфратузилмаси ҳамда туризм объектларини барпо этиш ва оммалаштириш йўналишларида тажриба алмашиниш каби масалалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари белгиланди.

Икки томонлама манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш учун «йўл харитаси» ишлаб чиқиш ҳамда уни яқин муддатда онлайн форматда имзолаш бўйича келишиб олинди.
Фарғона вилояти делегацияси табиий экотизимга мослаб барпо этилган “Everland” боғида бўлиб, бу ерда туристлар учун яратилган шароитлар, хизмат кўрсатишда замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида йўлга қўйилган тажрибалар билан танишдилар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг