Фарғона ва Андижонда суюлтирилган газ ва газ баллонлари талон-торож қилинган. Департамент Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан иш қўзғатди
yuz.uz
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Фарғона ва Андижон вилоятларида суюлтирилган газ ва газ баллонларини талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олтиариқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Олтиариқтумангаз» газ таъминоти бўлими масъул шахслари 153 та аҳоли хонадонига гўёки 2 минг 998 та газ баллонларида 1 кг. учун белгиланган 1 600 сўмдан жами 58 520 кг. суюлтирилган газ етказиб берилганлиги ҳақида электрон дастурга сохта маълумотлар киритган. Амалда эса газ тўлдирилган баллонларни қиммат нархларда бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 262,4 минг сўм нақд пул маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Булоқбоши тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам фош этилган. «Булоқбошитумангаз» газ таъминоти бўлими масъул шахслари ўзларининг моддий жавобгарлигида бўлган умумий баҳоси 98 миллион сўмлик жами 235 дона суюлтирилган газ баллонларини ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа шахсларга бериб юбориб, талон-торож қилганликлари маълум бўлган.
«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг