Фанлар академияси 190 гектар ер нима сабабдан ҳокимликка берилганини изоҳлади
Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 190 гектар ер майдонини пойтахт ҳокимлиги захирасига беғараз ўтказиб бергани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлгач, Фанлар академияси ҳолат бўйича расмий муносабат берди.
Билдирилишича, ушбу жараён Президентининг 2026 йил 25 мартдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Фармонга асосан, пойтахтимизнинг экологик ҳолатини тубдан яхшилаш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва унга туташ бўлган жами 250 гектар майдонда замонавий Дендрология боғи барпо этилади.
Ҳужжат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ер участкалари белгиланган тартибда захирага қайтарилиб, Экология қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади. Экология қўмитаси ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос дарахт ва буталар турларини танлаб, тегишли лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади. Мазкур лойиҳа асосида ҳудудда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Таъкидланишича, ушбу ер майдони қурилиш ишлари учун эмас, балки шаҳар аҳолиси ва келажак авлод манфаатларига хизмат қиладиган, атмосфера ҳавосини тозалашга қаратилган йирик яшил массив — дендропарк ташкил этиш мақсадида ажратилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг