Фахрий журналист сифатида

18:35 25 Июнь 2024 Жамият
341 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Отахон журналист, ёшларнинг севимли устози, танқидий-таҳлилий мақолалари билан халққа танилган 88 ёшли Дониёр Эргашевни байрам арафасида йўқлаб бордик.

Дониёр ота 1958 йилда Қўқон шаҳар газетасида адабий ходим сифатида иш бошлаган. Ўзига талабчан, масъулиятли, долзарб мақолаларни далил қаламга олган ёш журналистни кўп ўтмай, «Фарғона ҳақиқати» газетасига ишга таклиф этишди. Бу серғайрат журналист ҳаётида янги саҳифа очиб, узоқ йиллар Фарғона телерадиокомпанияси раиси, «Фарғона ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатди. Устоз журналистнинг фидойи меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони билан тақдирланди.

Дониёр Эргашев 45 йиллик меҳнат тажрибасига эга. Ярим асрдан зиёд журналистика соҳасига умрини бағишлади. Энг мураккаб даврларда ҳам ўз касбига содиқ қолди. Журналист сифатида эл-юртда ҳурмат орттиргани туфайли икки ўғли ҳам ота касбини танлади.

— Ўз даврида вилоят газетасига Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Худойберди Тўхтабоев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари машҳур ижодкорлар, журналистлар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйгандим, — дея хотирлайди Дониёр ота. — Газетада ўқишли мақола кетсагина, муштарийлар журналистлар ортидан эргашади. Таҳририятимиздаги қизғин ижодий муҳит қанча ёшларни тарбиялади. Ҳозир улар республика марказий нашрлари, телевидение, радио ва нашриётларда фаолият кўрсатмоқда.

Дониёр Эргашев ижодий мактабида тажриба орттирган шогирдлари кўп. Улар ҳам устозига ўхшаб содда ва ихчам ёзади. Мақолалари равон, пишиқ-пухта. Оддий ахборот ёки лавҳаларида ҳам Дониёр Эргашев услуби сезилиб туради.

Устозга ҳазил аралаш чин «Фарғона журналистикаси отахони» мақоми берилгани бежиз эмас. Дониёр Эргашев журналистика соҳасига бир умрлик садоқати, узоқ йиллик самарали фаолияти туфайли бундай эъзозга муносибдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер