Фахр ва ифтихор изҳори
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 август куни Бекобод шаҳрига, жумладан, комбинатимизга ташрифи бизни янги-янги меҳнат зафарларига ундади. Корхонамиз ишчи-хизматчилари билан бўлиб ўтган самимий суҳбатларда металлургия соҳасининг яқин келажакдаги тараққиёт йўллари белгилаб берилди. Қолаверса, «Ўзбекистон металлургия комбинати» бағрида амалга оширилаётган янги бунёдкорлик лойиҳалари, цехларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор хорижий технологияларни жорий этиш, бу ташаббусларни муҳтарам Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланиши комбинатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда асосий омил бўлмоқда.
Кейинги икки уч йилда амалга оширилган ўзгаришлар, цехларни малакали мутахассислар билан таъминланиши, ёшларга берилаётган эътибор, жамоамизда хотин-қизлар нуфузининг ошиб бориши, уларга яратилаётган шароитлар, моддий манфаатдорлигимизни ўсиши, буларнинг барчаси бугунги Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги талаб ва меъзонлар натижасидир.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31–йиллиги арафасида кўплаб ватандошларимиз қаторида «Ўзбекистон металлургия комбинати» Золдир прокат цехи катта устаси Омонбек Алиматов, «Металлурглар» шифохонаси бош шифокори Зарема Стригина, комбинат кузатув кенгаши аъзоси Жамол Файзуллаев каби комбинатимиз жамоаси вакилларининг, жумладан, каминанинг ҳам номзоди нуфузли давлат мукофотига тавсия этилганидан миннатдормиз. Бу юксак ишонч бизни доимо келажакка руҳлантириб, зиммамизга юкланган режаларни сидқидил бажаришда кўтаринки кайфият ва куч-қувват бағишлайди.
Кези келганда айтиш жоизки, жамоамиз жонажон ватанимиз истиқлолининг 31 йиллик байрамини меҳнатда муносиб ютуқларга билан кутиб олди. Металлурглар пўлат эритиш, прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаларини ошиғи билан уддалашмоқда. Жамоамиз комбинатнинг асосий ва таркибий бўлинмаларини табиий газ, иссиқ ва совуқ сув билан бир маромда таъминлаб келади. Шунингдек, ишлаб-чиқариш жараёнидан чиқаётган оқава сувларни тозалаб, цехларга қайта йўналтиради. Жамоадошларим эришаётган ютуқлар комбинатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётганидан мамнунман. Шундай улкан корхонада, кўпмиллатли аҳил жамоада ишлаётганимдан фахрланаман.
Исмоил Исроилов,
«Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти
энергетика цехининг 1-сонли қозонхонаси устаси,
«Дўстлик» ордени соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг