Эрон дронлари Қизилтепада ишлаб чиқарилади

18:07 20 Сентябр 2022 Жамият
1582 0

Фото: Халқ сўзи

Қизилтепа тумани ҳокими, сенатор Улуғбек Файзиев Эрон Ислом Республикасининг "Sabz vacuum" компанияси вакили М.Ҳажи Амирханини қабул қилди.

Учрашувда эронлик тадбиркор қишлоқ хўжалигидаги камчиқим инновацион лойиҳа — ерларни ўғитлаш ва дефолиация ишларини дрон орқали амалга ошириш ва ушбу махсус дронларни ҳудудда тўлиқлигича қисмлар асосида ишлаб чиқариб, йиғишни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Томонлар мазкур таклиф асосида ишлашга келишиб олишди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, эронлик инвесторлар вилоятнинг турли ҳудудларида истиқболли лойиҳаларга сармоя киритиб, яратилаётган имкониятлардан кенг фойдаланишмоқда. Хусусан, ўтган йили улар Хатирчида писта хандон етиштириши йўлга қўйишган бўлсалар, айни кунларда вилоятнинг яна бир тумани Конимехда замонавий ва инновацион услубларини жорий этган ҳолда балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳажмларини оширишга хизмат қилувчи лойиҳа бўйича туман ҳокими Руслан Рўзиев қабулида бўлишди.

Учрашувда эронлик инвестор М.Моликийнинг Конимех туманида манфаатли ҳамкорлик доирасида балиқчилик соҳасини ривожлантириш таклифи қўллаб-қувватланди. Тез кунларда Шўркўл ва Айдаркўл сув ҳавзаларидан жой ажратиб берилиши бўйича келишиб олинди.

Балиқ чавоқлари ҳамда озуқа базасини яратиш масаласи ҳам туманнинг ўзида ҳал этиладиган бўлди. Ушбу келишув асосида янги ташкил этилаётган балиқчилик кластери нафақат аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, балки чекка ҳудудларда иш ўринлари яратилиши билан ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер