Ердан ноқонуний фойдаланишга йўл қўйилмайди

10:46 12 Июль 2024 Жамият
295 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Юртимизнинг ҳар бир қарич ери ҳисобли. Қонунчиликда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик, улардан хўжасизларча фойдаланганлик ва ер ҳисобини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Фуқаро Абдуллажон Қобилов Бўстон тумани «Янги турмуш» массивидаги «Андижон агропилла» МЧЖга қарашли тутзорнинг бир четида бино барпо этиб, ер майдонидан ўзбошимчалик билан фойдаланган.

— 70 сотих тутзорда меҳнат қиламан, — дейди Абдуллажон Қобилов. — Майдоннинг бир четига бино қургандим, тегишли идора вакиллари бу ноқонуний эканини айтишди. Ҳозирда бинони бузиб, тутзор барпо этишга киришдим.

Улуғнор туманида истиқомат қилувчи Бахтиёржон Жакбаров ўзи истиқомат қилаётган «Оқ олтин» массивидаги ҳовлисининг чегара ҳудудини беш метрга кенгайтириш орқали қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонини ўзлаштириб олган. Бу қонунбузарлиги тушунтирилиб, пойдевор бузиб ташланди.

— Жорий йилда туманимизда ер майдони билан боғлиқ 189 та ҳолатда 73 гектар майдон ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди, — дейди кадастр агентлиги Улуғнор тумани бўлими бошлиғи Диёрбек Исоқов. — Шундан, 44 гектари фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди. 29 гектари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича суд қарор чиқарилди.

Ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланишдан иборат. Ундан амалдаги тартибларга риоя этган ҳолда фойдаланиш фуқаролик бурчимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер