Ер ости сувлари чексиз эмас
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2020 йил 8 сентябрь куни навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди. Унда депутатлар «Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун ер ости сув захираларини аниқлаш ва артезиан қудуқлари қазиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала юзасидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исломовнинг жавобларини эшитдилар.
Видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ишлаб чиқилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманганнинг Олмос, Ахча қишлоқлари атрофидаги 400 гектар майдонни суғориш учун 6 та қудуқ бурғиланди. Худди шундай қудуқлар Жиззах вилоятида 12 та, Бухорода 11 та, Тошкентда 10 та, Қашқадарёда 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғонада 2 тадан бурғиланди.
Қайд этилишича, юртимизда гидрогеология йўналишидаги тадқиқотлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш «Ўзбекгидрогеология» ДУК ва унинг 4 та дала экспедициялари орқали амалга оширилади. Республиканинг барча ҳудудларида ер ости сувларини излаш ва ҳажмини чамалаш бўйича геология қидирув ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2020 йилда 82 та лойиҳа бўйича геология қидирув ишларига 86 млрд сўм йўналтирилади. Шунингдек, «Ўзбекгидрогеология» ДУК моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида сўнгги 3 йилда 20 та бурғилаш, 4 та компрессорлаш ускуналари, 3 та каротаж ва 36 та автотранспорт техникалари ва бошқалар харид қилиниб, геология қидирув ишларига жалб қилинди.
Депутатлар бугунги кунда ер ости суви истеъмолчиларининг ягона давлат статистик ҳисобот юритиш тартибини татбиқ этиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланишнинг мониторинг тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқдилар.
Раис берган жавобга кўра, ер ости сувлари сифати мониторинги Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги Дастури доирасида олиб борилмоқда. Шунингдек, ер ости суви истеъмоли ҳисобини юритишни йўлга қўйиш мақсадида йиллик идоравий статистик ахборот шакли ишлаб чиқилди ва тегишли қарор лойиҳаси билан бирга тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Ер ости сувлари мониторинги ва кадастрини юритишда Ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда «Онлайн» режимда интерактив картографик маълумотлар базасини шакллантириш дастурий таъминоти жорий қилиниб, маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда. Ҳозирда 2667 та мавжуд кузатув қудуқларидан 250 таси масофавий автоматик ўлчов ускуналари билан жиҳозланди, ноябрь ойида улар сони 400 тага етади.
«Ҳукумат соати»да депутатларнинг қайд этишича, бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ер ости сувларидан турли мақсадларда фойдаланиш тобора ортиб бормоқда. Шу мақсадда бурғилаш ташкилотлари билан бир қаторда жисмоний шахсларнинг техника ва қўлбола қурилмалари орқали рухсатсиз ва ҳисобсиз қудуқлар қазиш ишлари тобора кўпаймоқда. Оқибатда, баъзи ҳудудларда ер ости сувларининг камайиб ва ифлосланиб бораётганлиги кузатилмоқда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш ва тартибга солиш бўйича қўмита томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?
Қўмита раиси ушбу масалага батафсил тўхталиб, ер ости сувларидан нооқилона фойдаланиш оқибатида Зомин, Нурота, Қўшробод туманларида сув захиралари кескин камайиб кетаётганлигини таъкидлади. Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳукумат қарори билан тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда. Яъни, мониторинг ва назорат ишлари кучайтирилди, янги қудуқларни қазиш ва сувдан фойдаланиш учун рухсатномалар алоҳида тартиб асосида берилмоқда, сув олиш иншоотлари хатловдан ўтказилмоқда. Сув истеъмолчиларига оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича беғараз амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда уларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида ер ости сувларидан фойдаланиш ишларининг мониторинги ва назорати янада кучайтирилмоқда. Хусусан, кузатув қудуқларини 1950 тадан 3000 тага етказиш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, Давлат геология қўмитаси ҳузурида мазкур ҳолатни назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлган инспекция ҳам ташкил этилди.
Халқ вакиллари «Ҳукумат соати»да муҳокама қилинган масала юзасидан ўзларининг таклиф ва тавсияларини ҳам билдириб ўтдилар. Муҳокамалар сўнгида мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг