Ер билан боғлиқ қонунбузилишларга қандай барҳам берилмоқда?

17:19 11 Октябр 2022 Жамият
571 0

Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган ер назорати тадбирлари давомида йилнинг шу даврига қадар 832 та ҳолатда 82,61 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Модомики, бундай қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон кузатилаётган экан, уларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ушбу савол билан Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботир МИРЗААҲМEДОВга юзландик.

-Ер ва ундан фойдаланиш тартиблари қонун билан тўлиқ тартибга солинган, -дейди Б. Мирзааҳмедов. –Бироқ назорат тадбирлари давомида кўряпмизки, жойларда амалдаги тартибларга кўр-кўрона муносабатда бўлиш кўникмаси ҳамон барҳам топмаган. Бунинг олдини олиш учун бошқармамиз томонидан доимий назорат ишларини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ ҳафтанинг ҳар жума куни «Ер қонунбузилишларининг олдини олиш ва барвақт аниқлаш куни» деб эълон қилинган. Шу куни соҳада олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгиланмоқда. Мавзу доирасида ўқув семинарлари ташкил этиляпти. Уларда ходимларнинг малакаси ошириб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 февралдаги «Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан мунтазам назорат тадбирлари йўлга қўйилган. Йилнинг тўққиз ойи давомида ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олишга доир 832 ҳолатнинг 538 таси ер эгалари томонидан ихтиёрий бартараф этилди. 237 нафар фуқаро иши бўйича судга тақдимнома киритилди. Шунингдек, 173 та ҳолатда аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлгани боис ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органлари билан Агентлигимиз томонидан ишлаб чиқилган қўшма тартиб асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Натижада 32 тасига жиноят иши қўзғатилиб, қолган қисмида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Соҳага янги йўналишларнинг жорий этилиши ишимизни янада жадаллаштиришга замин яратяпти. Жумладан, Маъмурий амалиёт йўналиши орқали йилнинг ўтган даврида ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 3 минг 822 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларнинг 2 минг 386 нафарига 7 млдр. 103 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги жарима чораси қўлланилди. Шунингдек, юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида халқаро стандартларга жавоб берадиган махсус “E-yer nazorat” (ID) дастури амалиётга киритилди. Унинг асосий мақсади ерга алоқадор қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиришдан иборатдир. Тегишли ер майдони, жойлашган манзили, қачон ва қайси қонун бузилгани, кўрилган чоралар хусусида суд, прокуратура, ИИБ, МИБ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан маълумотлар алмашиш имконияти яратилиб, ҳозирда ушбу дастурдан кенг фойдаланиб келинмоқда.

Айтиш лозим, бу борадаги муаммоларни бартараф этишда қонуний тарғибот ва тушунтириш ишларининг самараси жуда катта. Шу боис аҳолига ердан фойдаланиш тартиблари юзасидан мурожаатлар, огоҳлантиришлар бериш билан бир қаторда тушунтириш ишларини ҳам олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда мингдан ортиқ чиқишлар қилган бўлсак, ҳудудларда фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиб, очиқ мулоқотларда мавжуд муаммолар хусусида фикрлашилмоқда.

Қарс икки қўлдан чиқади, дейдилар. Ер билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Агар инсонлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари билан бир қаторда бурч ва мажбуриятини ҳам яхши билса, юқорида тилга олинган қонунбузилиш ҳолатларига асло қўл урмайди.

                                                                                                                                         Саминжон ҲУСАНОВ,

                                                                                                                                                     («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер