Энг чекка ҳудудларда ҳам саноат ривожланмоқда
Республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилиши нафақат, аҳолини доимий иш жойи билан таъминлашга, балки, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, Пахтаобод туманида 2020 йил давомида "OLTIN MATO GROOP"МЧЖ томонидан 7.8 млн. доллар миқдоридаги хорижий инвестиция жалб қилиш ҳисобига калава ип ишлаб чиқарила бошланди. Бунинг учун 450 нафар маҳаллий хотин-қизлар ишга жалб этилдилар. Бундан ташқари, 110 миллиард 810 миллион сўмлик енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берувчи 7 та саноат корхонаси ишга туширилди. Яратилган шароит 1 минг 330 нафар аёл-қизнинг бандлигини таъминлаб, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш имконини берди.
Жорий йилнинг илк кунларида “Ideal textil” МЧЖга корхонанинг иш бошлаши туфайли тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари сони яна биттага кўпайди.
- Авваллари иш қидиришга мажбур эдик, эндиликда танлаш имкониятига эга бўлдик,-дейди “Маданият” МФЙда истиқомат қилувчи Одинахон Сотволдиева. – Уйда тикувчилик билан шуғулланганим боис доим ҳам даромад манбаига эга эмас эдим. Ҳудудимизда фаолиятини бошлаган корхонанинг ташкил этилиши мен каби аёллар учун айни муддао бўлди.
100 нафар ишчиларни ўзида жамлаган корхонани барпо этиш учун 11 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада замонавий тўқув, тикув дастгоҳлари ўрнатилиб, бир йилда 1 миллион дона, яъни 5,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилди.
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг