Электр энергияси таъминотидаги энг самарали усул
Фото: Иллюстратив cурат
Бу йил қиш мавсумида республикамизда электр энергиясининг муқобил турларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж сезиларли ошди. Шунга кўра жойларда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Зеро, серқуёш заминимизда электр энергиясининг ушбу муқобил турини амалиётга кенг йўналтириш ҳар жиҳатдан мақбулдир.
— 2016 йили 6 млн. сўмга яшаб турган хонадонимга қуёш панелини ўрнатганман, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Тоҳиржон Ражабалиев. — Шундан буён электр энергияси ва табиий газдан фойдаланмаймиз. Сабаби, бу вақт орасида бирор марта чироғимиз ўчиб қолган ёки иссиқ сувсиз қолган пайтимиз бўлмади. Замонавий мослама кунига 200 литр сувни иситиб беради. Қолаверса, соатига 3 кВт/соат электр энергиясини тежайди.
Бугунги кунда тажрибада ўзини оқлаган қуёш панелларидан Андижон вилоятида 80 дан ортиқ аҳоли хонадонларида самарали фойдаланилмоқда.

— Айрим хонадон эгалари фотоэлектр станцияларини ўрнатиш 50 млн. сўм маблағ талаб қилишини эшитиб, хушламасликлари мумкин, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Андижон ҳудудий филиали мутахассиси Мухлиса Собирова. — Бироқ бу нафақат таъминотдаги барқарорликка сабаб бўлади, балки молиявий жиҳатдан ҳам анчагина маблағни иқтисод қилишга имкон беради. Масалан, бир оила хонадонига 5 кВт/соат қувватдаги шундай қурилма ўрнатилди, дейлик. Унга сарфланган харажатни 9 йилда қоплаш мумкин. Мосламанинг хизмат қилиш муддати 20 йил эканлигини ҳисобга олсак, уй эгаси 11 йил давомида электр энергиясидан нафақат бепул фойдаланади, балки эҳтиёжидан ортганини сотади ҳам.
Яна бир жиҳат Андижон вилоятида шу кунгача 162 та корхона ва ташкилотларнинг 2 мингдан зиёд бино-иншоотларига қуёш панеллари ҳамда сув иситиш коллекторлари, «ақлли чироқлар» ўрнатилди. Бу бир ойда 543 минг кВт/соат электр энергиясини тежаш имконини бермоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг