Экополиция: ОКМК қўшимча 48 млрд сўм компенсация тўлайди
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ экологик талабларни бузгани учун қўшимча 48 млрд сўм компенсация тўлаши белгиланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Экополиция томонидан Тошкент вилояти ҳудудида навбатдаги экологик назорат рейд тадбирлари ўтказилган. Рейд давомида «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ фаолияти ўрганилганида мазкур корхона томонидан бир қатор экологик талаблар бузилгани аниқланган.
Корхона томонидан ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган хавфли тоифага кирувчи чиқиндилар ноқонуний тарзда очиқ майдонларда сақланаётгани, сақлаш жараёнида эса ер ва ерости сувларига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган кон бошқармаси томонидан ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган оқова сувни тозалаш иншоотида самарали тозалаш белгиланган бўлса-да, тозалаш ускуналари эскиргани, тозалаш самарадорлиги пастлиги сабабли ушбу оқова сувлар чиқиндига айланиб, Ангрен дарёсига оқизилгани қайд этилган.
Мазкур қонунбузарлик юзасидан корхонага нисбатан 48 миллиард сўм қўшимча компенсация белгиланган. Шунингдек, 20 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг