Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон ректорларининг III форуми бўлиб ўтди
Бугун Тожикистон давлат педагогика университетида Ўзбекистон-Тожикистон ректорларининг III форуми ўз ишини бошлади.
Форумнинг очилиш маросимида Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Эргаш Шоисматов иштирок этди. Сўзга чиққанлар икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётгани ва таълим соҳасидаги алоқалар стратегик аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Форумда икки мамлакатнинг 70 дан ортиқ олий ўқув юртлари ректорлари жам бўлди. Сарҳисоб натижаларига кўра, университетлараро ҳамкорликни кўзда тутувчи 20 дан ортиқ келишув имзоланди. Икки давлат таълим вазирларининг алоҳида учрашувида академик алмашинувларни жадаллаштириш, хорижий талабалар учун шароитларни яхшилаш ва қўшма илмий лойиҳаларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида вазир Қўнғиротбой Шарипов тожикистонлик ҳамкасбини жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё университетлари конгрессига таклиф этди.
Таъкидланишича, мазкур форум олий таълим тизимидаги интеграцияни кучайтириш ва минтақавий таълим хабини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг