“Дориламон кунларга элу юрт ардоғида етказганига шукр...”

13:17 29 Август 2025 Жамият
218 0

Бувайда туманидаги “Янгиқўрғон” маҳалласида ҳамиша меҳмонга мунтазир, дастурхонида иккита иссиқ нон, қайноқ кўк чой турадиган бир хонадон бор. Оиланинг 101 ёшли соҳибаси Мелибу Матисақова суҳбатини олиш учун узоқ-яқиндан ушбу гўшага ҳар кун ўнлаб меҳмонлар келади. Маҳалладошлари таъбирича, онахон тирик тарих, энциклопедия. Чунки ҳаёт юзини ажинлар билан безаган, қўлларини қабартирган онахоннинг қалбида 85-90 йиллик хотиралар жамланган.

Мустақиллик байрами арафасида тарқалган ажойиб хушхабар бу оила, маҳалла, бутун Бувайда аҳлини беҳад севинтириб юборди. Боиси Президентимиз фармони билан истиқлолимизнинг 34 йиллиги арафасида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган юз ёшдан ошган пиру бадавлат отахон ва онахонлар орасида Мелибу момо ҳам бор эди.

Куни кеча Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур хонадонда бўлиб, момога давлатимиз раҳбари номидан “Шуҳрат” медали ва байрам совғаларини топширди.

Меҳмонлар ташрифидан жуда қувонган Мелибу момо болалик йиллари қийинчиликлари, беғубор ёшлиги, бошдан кечирган қизиқ воқеалар ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Шунингдек, кўрсатилган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, бугунги тинч ва фаровон кунлар учун шукрона айтиб яшаш, бу кунларнинг қадрига етиш ва асраб-авайлаш кераклигини таъкидлади.

— Қишлоқ хўжалиги юмушларини дўндирганмиз, — дейди онахон ўша йилларни эслаб. — Айниқса, пахта теришда маҳалла аёллари ичида мендан ўтадигани йўқ эди. Меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди.

Узоқ умр кўриш учун ҳам сидқидилдан меҳнат қилиш керак. Кенг феълли, меҳрибон ва барчага яхшилик соғиниб юрадиган одам узоқ яшайди.

Момо турмуш ўртоғи Солижон ота Матисақов билан 4 ўғил, 3 қизни ҳалол меҳнат билан тарбиялади. Солижон ота қўли гул уста бўлган. Ҳамқишлоқлари учун бежирим уйлар қурган, кўпчиликнинг дуосини олган инсон эди.

Оила бекаси эса нафақага чиққунича қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган. Катта Фарғона каналини қазишда ҳам иштирок этган. Ўша кунларни эслар экан, онахон бугунги дориламон кунларга шукрона айтади, юртимизнинг барча ҳудудларида, Бувайдада бўлаётган ўзгаришлардан мамнунлигини таъкидлайди. Бугунги кунда 90 нафарга яқин набира ва чеваралар ардоғида яшаётган онахоннинг тилидаю дилида шукрона:

“Шундай дориламон кунларга элу юрт ардоғида етказганига шукр... Барчаси учун ташаккур, асло кам бўлманглар...”

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер