Дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — «Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ҳамда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ҳамда дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Чунки бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (ГМП) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар берган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилди. Хусусан, амалиётдан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг