Долзарб қонун лойиҳалари — муҳокамада

11:03 09 Май 2018 Сиёсат
1544 0


Қонунларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта тайёрланишига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратиш парламентнинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, мукаммал қонунлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, мамлакатни изчил тараққий топтириш, иқтисодий барқарорликни кафолатлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида бир қатор қонун лойиҳалари ушбу жиҳатларга асосий эътибор қаратилган ҳолда муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимининг жорий этилгани, шунингдек, ушбу лавозимда иш юритадиганларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолингани назарда тутилмоқда.

Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур ҳужжат хотин-қизлар, оилалар билан фаол иш олиб бораётган, хонадонлар осойишталиги, тотувлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган мутахассислар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари асосий эътиборни ногиронлиги бўлган шахсларнинг муҳандислик, транспорт ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини таъминлаш бўйича талабларини бажаришдан бўйин товлаганлик, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилаётган қонун лойиҳаларига қаратдилар.

Хўш, ушбу қонун қабул қилингач, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари қай тарзда амалга оширилади?

Фракция вакиллари бу борада, энг аввало, улар учун тенг шароитлар яратилишини, уни бузганлик учун жавобгарлик муқаррар таъминланаётганини таъкидладилар. Бу эса ногиронлиги бор инсонларни жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига фаол жалб этишга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда тақдим этилаётган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимиятларнинг яқиндан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакилининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Мунозараларда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари фаол иштирок этгани ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан масъул қўмитага бир қатор таклифлар берилгани билдирилди. Хусусан, вакилнинг энг асосий вазифаси сифатида Олий Мажлис палаталари билан Вазирлар Маҳкамасининг қонун ижодкорлиги ҳамда қонунлар ижросида парламент назоратини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлигини таъминлаш ва мазкур жараёнда Ҳукумат таркибига кирувчи вазирлик ҳамда қўмиталар билан ишларни мувофиқлаштириш каби масалаларга ойдинлик киритиш каби таклифлари қонун лойиҳасида ўз аксини топди.

Йиғилишларда, шунингдек, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам муфассал кўриб чиқилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракцияларнинг позицияси белгилаб олинди.

Зиёда АШУРОВА.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер