Долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

09:19 02 Май 2023 Сиёсат
621 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияcининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6 минг 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпайиб бормоқда. Шу боис, ҳар йили 11 ноябрь ‒ Ўзбекистон касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.

Лекин амалдаги қонунларда 11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам куни сифатида эътироф этилмаган. Шунингдек, байрам тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш механизмлари белгиланмаган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига 11 ноябрни ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшишга қаратилган қўшимча киритилмоқда.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.

Шундан сўнг, педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Муҳокамалар чоғида депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан педагог ходимларнинг жамиятдаги нуфузи ошишини айтиб, ҳужжат юзасидан ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ҳар жиҳатдан мукаммал қонунлар, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, мамлакатни изчил тараққий топтириш, иқтисодий барқарорликни кафолатлашга хизмат қилади, — дейди Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияcи аъзоси Дилмурод Исмоилов. — Шу сабабли биз қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида бу масалага алоҳида эътибор қаратдик. Фракциямиз аъзолари томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар инобатга олиниб, қонун лойиҳасида ўз аксини топадиган бўлди.

Йиғилишда шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер