ДХРда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ходими жосусликда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди

03:16 30 Апрель 2022 Дунё
3373 0

Архив сурат

Донецк халқ республикасида (ДХР) Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ходими Украина фуқароси ҳибсга олинган. ДХР Давлат хавфсизлик вазирлиги маълумотларига кўра, ЕХҲТ Махсус мониторинг миссияси ходими бўлган ушбу фуқаро жосуслик қилиб, хорижий разведка учун маълумот йиғиш билан шуғулланган. Бу ҳақда республика ҳудудий мудофаа штаби томонидан маълум қилинди.

«ДХР Давлат хавфсизлик вазирлиги ЕХҲТ Махсус мониторинг миссияси ходими, хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси, 1967 йилда туғилган Украина фуқароси Голда Вадим Николаевични қўлга олди. У ЕХҲТ офицери Аман Ахмедзяновнинг топшириғига кўра хорижий разведка учун ДХР халқ милицияси ҳарбий хизматчиларининг жойлашуви ва ишлаб чиқариш объектлари, шу жумладан давлат ҳамда мудофаа мақсадлари тўғрисида маълумотларни тўплаган ва узатган», дейилади штабнинг «Телеграм» каналидаги ахборотда.

Штабнинг қўшимча қилишича, қўлга олинган шахсга нисбатан жосуслик моддаси бўйича иш қўзғатилган.

Ҳозирча ушбу ахборотга ЕХҲТ томонидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер