ДХА: саргардонлик ва коррупциянинг олдини олиш йўлида

17:46 11 Ноябрь 2021 Жамият
804 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бармоқ билан санарли даражадаги хизмат турлари билан ўз фаолиятини бошлаган Давлат хизматлари агентлигининг  Навоий вилоят бошқармаси эндиликда  150 дан ортиқ масалада  вилоят аҳлининг мушкулини осон қилмоқда. Ўтган уч йил  ичида бошқарма ва унинг ҳудудий марказлари хизматчилару мижозларга бирдай шарт-шароит яратилган қулай иншоотларга эга бўлди.

- Атиги беш йил олдин арзимаган бир ҳужжат учун ҳокимият эшиги олдида  соатлаб сарғайганим кечагидек эсимда, - дейди Навбаҳор туманидан Гулнора Саидова. -  Эрта келинг, индин келинг, каби сансалорлик, мутасаддининг қош-қовоғига қарашдан  юрагимиз безиллаб қолган эди. Мана қилса бўларкан, кутиб олишади, навбатинг келса, хушмуомала билан ишингни битириб берадилар. 

Вилоятда Агентлик тузилмалари орқали жорий йилнинг уч чорагида 244 минг 381 та давлат хизматлари кўрсатилди. Шуларнинг 18 мингга яқини масофадан, 8251 таси эса сайёр гуруҳлар томонидан олис  ҳудудларга чиқиб  кўрсатилган давлат хизматлари ташкил этади.  

Бу камми?..

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилоят бошқармасида ўтказилган анжуманда бошқарма бошлиғи Бегзод Сафаров ўртага шу саволни ташларкан, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тури ва кўлами ҳали меъёридан анча йироқлигини таъкидлади.

- Масалан, Эстонияни оладиган бўлсак, ушбу мамлакатда 99 фоиз хизматлар электронлаштирилган, - дейди Б. Сафаров. Фақатгина никоҳ ва ажрим билан боғлиқ масалалар электронлаштирилмаган. Давлат хизматлари одамларнинг ортиқча оворагарчилиги ва, энг муҳими, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олади.

Тадбирда бошқарма томонидан давлат органлари ва ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида қонун ҳужжатларига риоя қилинишини яхшилаш мақсадида  мониторинг ҳамда махсус хабарларга асосан доимий равишда жойларда ўрганишлар ўтказилиб, йил бошидан буён   жами 3796 та (2020 йилнинг мос даврида 388 та) қонун бузилиш ҳолатлари аниқлангани таъкидланди.

- қонунбузилиш ҳолатлари идора (ташкилот)лар кесимида таҳлил  қилинганда,  солиқ органлари 52 та, ер ресурслари ва давлат кадастр идоралари 135 та, молия идоралари 44, бандлик ва меҳнат муносабатлари идоралари 60, ҳокимликлар 88, соғлиқни сақлаш муассасалари 669, “Ўзтрансгаз” АК 80, қурилиш ва архитектура 120, бошқа коммунал хизмат кўрсатиш идоралари 2003 та ҳолатда  қонунбузилишларига йўл қўйганлиги маълум бўлди, - дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Нодира Самандарова. – Ушбу ҳолатлар бўйича киритилган таъсир чоралари натижасида ваколатли идораларнинг 12 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда1 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, бошқарма томонидан 85 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, 84 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди.  

Айтиш жоизки, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан фуқароларга   хизмат кўрсатишда қонун ҳужжатларига риоя этмаслик  халқ манфаатлари ва унинг эҳтиёжига беписандлик билан баробардир. Табиийки, бу билан муроса қилиб бўлмайди.

         Темур ЭШБОЕВ,  “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер