“Жиноятчини жазолаш эмас, қайта тарбиялаш керак...”
Бугун халқнинг юксак ишончи билан сайланган депутатлар фаолиятида янгича бир жонланиш, амалий шижоат кўзга ташланмоқда. Халқ ноиблари эндиликда фақатгина расмий йиғилишлар билан чекланмай, жойлардаги энг оғриқли муаммоларни бартараф этиш ва одамларнинг оғирини енгил қилиш учун бевосита аҳоли орасига кириб бормоқдалар. Бу борада, айниқса, фуқаролар билан ўтказилаётган юзма-юз ва очиқ мулоқотлар жуда муҳим аҳамият касб этяпти. Андижон шаҳрида ана шундай учрашувлардан бири бутунлай ноодатий ва ўзига хос тарзда ташкил этилди. Халқ вакиллари бу сафар маҳаллалар ёки ишлаб чиқариш корхоналарида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 2-минтақавий ҳудуд 3-сонли тергов ҳибсхонасида бўлдилар.

Ушбу масканда бугунги кунда қонунбузарлик содир этганликда гумонланиб, тергов жараёнларига жалб этилган юзлаб ёшлар сақланмоқда. Депутатлар бу ердаги йигит-қизларнинг яшаш шароитлари, бўш вақтларини қандай ўтказаётганлари ва ҳуқуқий билим олиш имкониятлари билан яқиндан танишар эканлар, қалблардаги мафкуравий бўшлиқларни тўлдириш зарурлигини яққол ҳис этдилар. Зеро, бугунги жамиятимизнинг асосий мақсади йўлдан адашган ёшларни шунчаки жазолаш эмас, балки уларни соғлом ҳаётга қайта тайёрлаб, ижтимоий муҳитда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишдан иборатдир.
-Инсон аксарият ҳолларда қонунларни яхши билмаслиги оқибатида жиноят кўчасига кириб қолади,-дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулнорахон Абдувоҳидова. -Шу сабабли, гумонланувчи ёки айбланувчи ўз қилмишини тўғри англаши ва унга холисона баҳо бера олиши учун ҳам аввало тизимли равишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш лозим.

Мулоқотлар давомида ҳибсхонада сақланаётган ёшларнинг ҳам фикрлари ва муаммолари тингланди. Хусусан, жиноят содир этганликда гумон қилинаётган фуқаро Ш. Т. муассасада моддий шароитлар етарли эканини, аммо бу ерда маънавий ва маърифий тадбирларни кўпроқ ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Зеро, бундай учрашувлар уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга ва хатоларидан тўғри хулоса чиқаришларига хизмат қилади.
-Ёшларнинг фикр ва таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман,-дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Насибахон Тойчиева.- Шароитларнинг яхшилиги билан чекланиб қолмай, ёшларнинг онгу шуурида маънавий камолот уйғотиш бугунги кун талабидир. Шу боис Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда муассаса раҳбарияти ўртасида махсус келишув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан, эндиликда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг билим олиши ва тарбиясини яхшилаш йўлида кенг кўламли маърифий ишлар йўлга қўйилади.
Айтиш жоиз, буларнинг барчаси бугунги депутатларнинг шунчаки ҳисобот учун эмас, балки ҳаётда ҳақиқий амалий натижаларга эришиш ва инсон тақдирини яхшилаш учун чин дилдан меҳнат қилаётганининг ёрқин намунасидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг