Депутат тегишли вазирликка сўровнома юборадиган бўлди
Фото: «Халқ сўзи»
Наманган вилоятидаги 54-Норин сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутати Зафар Худойбердиев ўз сайловчилари билан доимий алоқа ўрнатган. Бунда у юзма-юз учрашувлардан ташқари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси имкониятларидан фойдаланмоқда. Депутат ҳудудга бу галги ташрифи хусусида жамоатчиликни айни восита орқали хабардор қилди.
Норин тумани Хожинтол маҳалласида ўтган учрашувда депутат З. Худойбердиев тадбир иштирокчиларини қонун ижодкорлиги борасидаги ишлар билан батафсил таништирди. Мулоқотдан сўнго сайловчилар уни ҳудуддаги чанг кўчага бошлашди. Узоқ йиллардан буён таъмир кўрмаган ички йўл анчагина абгор ҳолга тушиб қолган. Уни созлаш бўйича тегишли идораларга қилинган мурожаатлар наф бермаганлигини айтиб, халқ вакилидан амалий ёрдам беришни сўрадилар.
Уйчи тумани Бўстон маҳалласидаги учрашувда эса шу жойда ўтган азиз инсонлардан бири – "Мавлуди Шариф" манзумаси муаллифи Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли Хилватий мангу қўним топган жой мавзуси муҳокама марказида бўлди. Сайловчилар қабр жойлашган ҳудудни зиёратгоҳга айлантириш масаласини ўртага ташладилар.
– Масалани жойида ўргандик,– дейди депутат З. Худойбердиев. – Хилватийнинг эвараси Тўхтамирза ака бобосининг девонлари, манзумалари билан таништирди. Ул зотнинг қабрини тавоф қилиш учун нафақат қўшни вилоятлар, балки қўшни давлатлардан ҳам зиёратчилар келишаётгани, зиёратгоҳ эса ҳозирги кун талабига жавоб бермаслиги, ушбу масала Маданият ишлари вазирлигигача кўтарилгани, лекин туман даражасидаги масалалар ечилмагани боис очиқ қолаётгани куйиниб гапирилди.
Депутатнинг фейсбукдаги саҳифасига аввалроқ мурожаат қилган уйчилик Шерзод Сайдуллаев Ахси маҳалласидаги канализация тармоғи ишламаётгани туфайли атроф-муҳитга чидаб бўлмас ҳид чиқаётгани ҳақида маълум қилганди. Аҳволнинг жойида ўрганилишидан сўнг муаммо ечими юзасидан тегишли вазирликка депутат сўрови юбориладиган бўлди.
Халқ ноиби жойларга ташрифи чоғида қатор тадбирларда ҳам иштирок этди. Жумладан, Қурама маҳалласидаги кўчат экиш акциясида ўз дарахтини ўтқазди. 9-умумтаълим мактабидаги “Фарзандларимга китоб совға қиламан” акиясида эса ўқувчиларга юздан ортиқ янги адабиётлар туҳфа қилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг