Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасидаги рақобат янада кучаяди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда халқимиз саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, спортга аҳолини, айниқса, ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юқори иқтидорга эга бўлган ёш спортчиларни танлаш, саралаб олиш тизими ва спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, нодавлат спорт-таълим ташкилотларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, спорт мусобақаларнинг савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси билан Божхона кодексига тегишли вазирлик ва идоралар томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида давлат ва нодавлат спорт-таълим ташкилоти томонидан хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт кийимлари ва экипировкалари ҳамда оёқ кийимлари, спорт анжомлари, жиҳозлари ва ускуналарини импорт қилинадиган товарларга маълум муддатда бож тўловларини камайтириш белгиланяпти.
Депутатлар бу ўзгариш мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни янада ривожлантиришга, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратилишига хизмат қилишини қайд этиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг