Давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мутахассислар иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг мақсади давлат органлари фаолиятида давлат фуқаролик хизматининг давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Лойиҳада давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатишнинг ягона қоидаларини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳада биринчи марта давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми институти жорий этилмоқда.
Қонун лойиҳаси нормалари фақат давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан қўлланилади.
Тадбирда қўмита аъзолари қонун лойиҳасининг давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига тааллуқли — ягона иш ҳақи тизими, рағбатлантириш ва жазо чоралари тартиби, ижтимоий таъминот, меҳнат қонунчилигига риоя этилишининг ҳуқуқий кафолатлари каби қоидаларини атрофлича кўриб чиқди.
Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасининг хизматчилар даромади ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этиш, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш каби нормалар ҳам кўриб чиқилди.
Тадбирда лойиҳани Қонунчилик палатасининг яқин орадаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг