Дастлабки эшитув институти қандай муаммоларни бартараф этади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Жиноят процессига жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институти жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси билан судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этиляпти.
Дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувларда иштирок эта олишига олиб келади. Бугунги кунда ушбу босқичда тарафлар иштироки чеклангани сабабли мазкур жараёнда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни (масалан, ишни тугатиш ёки тўхтатиш) судья якка тартибда ҳал этишга мажбур. Оқибатда, судья чекланган маълумотга эга бўлганлиги учун бундай масалалар ҳал этилмасдан қолади ва асосий босқич – умумий суд мажлисига барча иштирокчилар чақирилиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келади. Лойиҳа билан бу каби муаммолар бартараф этиляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни тезкор бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципга сўзсиз риоя этилишига, суд муҳокамаси чоғида фақат мақбул далиллардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг