Чустда “рак“ни даволайдиган сув чиққани ростми?

12:48 23 Май 2019 Жамият
6783 0

Икки кундан буён интернет оламида шов-шув. Наманган вилоятининг Чуст туманида ер остидан шифобахш сув чиқибди. У саратон ва бошқа кўплаб касалликларга даво эмиш!

“Халқ сўзи online”нинг ўрганишича, тумандаги “Томчи замин” фермер хўжалиги раҳбари Абдусаттор Йўлдошев 20 гектар ташландиқ ерда боғ яратиш учун 350 метрлик артезиан қудуғи ковлатади. Унинг сувидан ичган бири киши астмадан, яна бир киши эса терисига суртиб, 20 йиллик ярасидан халос бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар болалаб кетиб, бутун мамлакатга тарқалди.

Фермер интернет нашрларга берган инвервьюсида илмий текшириш институти ходимлари сув таркибида ноёб минерал — селен борлигини айтмоқда. Лекин бу хулосасини қайси институт бергани ҳақида лом-мим демаган.

Ўзбекистоннинг деярли ҳамма жойидан одам оқиб бораётган қудуқ суви ростдан ҳам шифобахшми? Ёки пул топиш илинжида ўйлаб топилган навбатдаги тузоқ?

Масалага ойдинлик киритиш учун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мутахассислари билан боғландик.

— Қудуқни бурғилаш ишлари қўмита томонидан олиб борилмаган, ундан чиққан сув таркиби эса мутахассисларимиз томонидан ҳали таҳлил этилганича йўқ, — дейди қўмитанинг Гидрогеология бўлими бош мутахассиси Жаҳонгир Иноятов. — Одамларнинг катта қизиқишига сабаб бўлаётган бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Наманган гидрогеология станциямиз мутахассисларини сувдан намуна олиш учун жўнатганмиз. Сув таркибини таҳлил қилганимиздан кейин бу борада аниқ хулоса берамиз.

Эҳтимол, қудуқ суви ҳақиқатан шифобахш бўлиб чиқар. Аммо одамларнинг минг-минг километр йўл босиб, ҳали тўлиқ ўрганилмаган сув учун навбатга туришганидан ҳайрону лол бўлмай илож йўқ. Бу соддаликмикан ё ўта ишонувчанлик?

Афтидан, “Ихлос қилсанг — чўпдан” ақидаси халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган кўринади.

Ҳали Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси мутахассислари хулосасини олмасимиздан, Наманган вилояти ДСЭНМ хабар келди. Марказ мутахассислари Чустдаги қудуқ суви лаборатория текширувидан ўтказилганда истеъмол учун яроқсиз бўлиб чиқибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер