Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Чуст туманидаги бир қатор мактабгача таълим ташкилотларининг 71 нафар тарбияланувчиси тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари билан шифохонага олиб келинган эди. Улардаги нохуш ҳолат болалар боғчаларида берилган ёд ва антиструминдан заҳарланиш билан боғлиқ, деган тахминлар тарқалди.
Кеча оқшом Наманган шаҳрида айни масала юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида республика соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова ишчи гуруҳнинг дастлабки хулосалари ҳақида ахборот берди. Мулоқот давомида вазир ўринбосари болаларда кузатилган ҳолат дастлабки текширувларга кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмас балки, ўткир респиратор инфекция билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкинлигини таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритилишини билдирди.
— Ижтимоий тармоқларда берилаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак. Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган болаларнинг 85 фоизи соғлиғи яхшиланиб, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда, — деди республика ишчи гуруҳи раҳбари Э.Боситхонова.
Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган “Kaiy yodid 1 mg (0.001) tabletka №100 (“Antistrumin)” дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунига қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида топшириқ берди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг