Чироқчида бир хонали мактабда тўртта синф ўқитилмоқда

18:34 22 Май 2018 Жамият
2417 0
Фото: ishonch.uz

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида бир хонадан иборат мактаб фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда «Ишонч» газетаси хабар бермоқда.

Қайд қилинишича, «Чорвадор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оғзикенг қишлоғидаги 146-умумтаълим мактабида 306 нафар ўқувчи таҳсил олади. Қишлоқнинг халқ тилида «Янтоқсой маҳалласи» номи билан аталадиган ҳудудида ҳам мактаб ёшидаги болалар бор. Бироқ Оғзикенгдаги мактаб уларга жуда узоқлик қилгани боис, 2000 йилда ҳашар йўли билан бир хонадан иборат иморат қурилган ва бу ерда мактаб «филиали» иш бошлаган.

Энг қизиқ томони, бу ерда бир вақтнинг ўзида бир синфхонада тўртта синф ўқувчисига дарс ўтилади. Биргина фидойи ўқитувчи Тўйчи Жуманазаров саъй-ҳаракати билан қишлоқ болалари савод чиқариб, ўқиш-­ёзишни ўрганмоқда.

«Бир синфда 1-4 синфларга мансуб бўлган 18 нафар ўқувчига дарс ўтаман. Биринчи синф ўқувчиларига дарс ўтаётганимда қолган синф ўқувчилари кутиб туради», дейди Тўйчи Жуманазаров.

«Ота-оналарнинг талаби тўғри. Чекка ҳудудда яшовчи ўқувчи асосий мактабдаги дарс­лар бошланишига соат 8:00 га пиёда етиб бориши учун соат 7:00 да уйдан чиқиши зарур. 13:30 да дарслар тугаса, ўқиш­лардан чарчаб-ҳориган ўқувчининг уйига етиб боришига яна бир-бир ярим соат вақт кетади. Яъни, соат 14:30,15:00 да уйига кириб боради. Бу ҳар қандай ўқувчини ҳам толиқтиради», — дейди қишлоқдаги 146-умумтаълим мактаби директори Жобир Отамуродов.

Газетанинг қайд этишича, қишлоқ аҳли бу ишга «болалар саводсиз бўлиб қолмасин», деган мақсадда мажбурликдан қўл урган. Ўтган вақт мобайнида омонат бино эскириб, анчайин хароба ҳолга келиб қолди. Яқинда у амал-тақал таъмирланиб, стол-стуллар билан жиҳозланди. Қишлоқдагилар мактабнинг янги филиали биносини қуриб бериш ҳақида мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, уларга тайин­­ли жавоб берилмаган. Қишлоқдагиларнинг айтишича, яқинда Қашқадарё вилояти ер-мулк давлат корхонаси Чироқчи тумани филиали мутахассислари бу ерга келиб, янги мактаб филиали қурилиши учун ер майдонини ўлчаб кетишибди. Лекин қурилиш қачон бошланиши ҳали маълум эмас.

«Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу ҳолни мутасаддилар, хусусан, Халқ таълими вазирлиги қандай изоҳлайди? Бу қишлоқда мактаб филиалининг янги биноси қуриладими? Ёки аҳвол «эски ҳаммом, эски тос»лигича қолаверадими? Чироқчига хос эртак қандай якун топади?», дейилади мақолада.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер