Чиқиндисиз дунё учун!
30 март — Халқаро чиқиндисиз кун муносабати билан Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Шароф Рашидов тумани «Тоқчилик» МФЙ ва Учтепа даҳасини боғловчи автомобиль йўли ёқасидаги чиқиндиларни тозалаш мақсадида акция ташкил этилди.
— Акция ўтказилаётган автомобиль йўли ёқасига аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар ноқонуний ташлаб кетилганлиги сабабли биз ушбу ҳудудни тозалашга қарор қилдик, — дейди «Эко-сфера» МЧЖ директори Бунёд Сарибоев.— Чиқиндиларни бартараф этиш учун 6 та махсус техника воситаси жалб этилди. Шунингдек, экология ходимлари, ёшлар, ташкилот ва корхоналар вакиллари, маҳалла фаоллари кўнгилли бўлиб, шу кўчанинг тозалигига ҳисса қўшишди.
Акция доирасида 150 нафарга яқин иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, ҳудудларни тозалаш ишларини амалга оширишди. Иштирокчиларга зарурий ашёлар, елим қоп ва қўлқоплар, антисептик воситалар, футболка, кепка, эко-сумкалар тарқатилди.
Шунингдек, “Ekolog.uz” жамоат бирлашмаси томонидан мазкур экологик сана доирасида Жиззах шаҳрининг «Наврўзбулоқ» сайилгоҳи ҳудудида ҳам ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Якунда ободлик ишларида энг фаол иштирок этганлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Саид ДОНИШEВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг