“Челси” Абрамович давридаги қоидабузарликлар учун жаримага тортилди
Англия Премьер-лигаси қоидаларини бузгани учун “Челси” клубига нисбатан жазо чоралари қўлланди. Клуб академиясига янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш 9 ойга тақиқланди ҳамда 10,75 миллион фунт стерлинг (13,7 миллион доллар) миқдорида жарима солинди.
Бунда клубнинг собиқ эгаси Роман Абрамович давридаги молиявий ҳисоботлардаги камчиликлар асос қилиб олинган. Шу билан бирга, асосий жамоа учун футболчиларни трансфер қилишга дарҳол тақиқ қўйилмади ва очколар камайтирилмади.
Премьер-лига маълумотларига кўра, клуб ўзи мустақил равишда молиявий ҳисоботлардаги нотўлиқ маълумотлар ва амалга оширилмаган тўловлар ҳақида хабар берган. Қоидабузарлик ҳолатлари 10 йилдан ортиқ вақт олдин, аниқроғи 2011–2018 йиллар оралиғида содир этилган.
Қарорга кўра, “Челси” 9 ой давомида академия ўйинчиларини рўйхатдан ўтказа олмайди. Шунингдек, клуб катталар жамоаси трансферларига оид 2 йиллик шартли жазо олган. Бу дегани, агар келгусида яна қоидабузарликлар аниқланса, ушбу тақиқ кучга киради. Аввалроқ клубга очколарни камайтириш жазоси қўлланиши мумкинлиги ҳам айтилган эди, аммо бу чора татбиқ этилмади.
Маълум бўлишича, 2022 йилда клубни сотиб олган BlueCo компанияси янги раҳбарияти аввалги бошқарув даврида айрим футболчилар учун лицензияга эга бўлмаган агентлар ва учинчи томонларга махфий тўловлар амалга оширилганини аниқлаган. Бу тўловлар орасида Эден Азар, Самуэль Этоʼо ва Виллиан билан боғлиқ битимлар ҳам бўлган.
Премьер-лига клубнинг қоидабузарликларни тан олгани ва тергов давомида фаол ҳамкорлик қилганини жазони енгиллаштирувчи омил сифатида баҳолаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг