Буюк Британиядаги йирик "Covid-19" лабораториясида оммавий зарарланиш кузатилган — ОАВ
"Covid-19“ синовлари ўтказадиган Буюк Британиядаги энг йирик лабораторияда оммавий зарарланиш кузатилган. Бу ҳақда ”Sky News" исми ошкор бўлишини истамаган лаборатория ходимига асосланиб хабар бермоқда.
Воқеа Милтон-Кинс шаҳридаги "Milton Keynes Lighthouse Laboratory" лабораториясида юз берган. Бу ерда ишлайдиган тўртта гуруҳ олимларидан учтасида инфекцияни юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Бундан ташқари, вирус билан маъмурият ходимлари ҳамда омбор ишчилари ҳам зарарланган.
Инфекция юқтирганларнинг сони аниқ эмас. Аммо манбага кўра, 70 нафар ходимдан 20 нафарга яқини изоляция қилинган.
Манбага кўра, муассасада хавфсизлик қоидалари кўп бузилади. Бунга лабораторияда текшириш учун кунига 70 мингта синов ўтказиш зарурлиги сабаб бўлмоқда. Бу ҳаддан ташқари кўп. Ходимнинг сўзларига кўра, сешанба куни мутахассислар атиги 47 минг намунани ўрганишга муваффақ бўлишган.
Англия миллий соғлиқни сақлаш тизими вакили лабораторияда вирус тарқалганидан хабардорлигини билдириб, муассаса хавфсизлик бўйича барча кўрсатмаларга риоя қилаётгани таъкидлаган.
ЖССТ маълумотларига кўра, Буюк Британияда 2,1 миллион киши коронавирус билан зарарланган, қарий 70 минг киши ушбу инфекция оқибатлари туфайли вафот этган. Яқинда бу ерда "SARS-CoV-2" вирусининг янги штамми аниқланди. У олдин маълум бўлганларидан 70 фоиз юқумлироқ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг