Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади — Шавкат Мирзиёев

19:17 26 Апрель 2022 Сиёсат
1153 0

Фото: president.uz

Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Ўтказилган текширишларда республика бўйича 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилди.

Жумладан, Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилгани аниқланган. «Ичан-Қалъа» давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.

Шу боис, Бош прокурор ва туризм вазири бошчилигидаги комиссияга:

— барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, йил якунига қадар уларнинг электрон базасини яратиш;

— музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйиш топширилди.

«Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади», деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер