«Булбул нола айламакни мендан ўрганди...»
Фото: Иллюстратив cурат
Умрининг катта қисми алам, ғам-ғусса, азоб ва ёлғизликда ўтган мумтоз шоира Жаҳон отин Увайсий ҳақида нималарни биламиз?
Ўзбек адабиёти тарихида шундай бир давр бўлдики, бир қатор аёл ижодкорлар фасоҳат гулшанига дадил кириб келдилар. Улар Жаҳон отин Увайсий, Нодира, Анбар отин, Дилшод Барно каби ўткир қалам соҳибалари эдилар. Жаҳон отин Увайсий мумтоз адабиётмизда шоираларнинг забардасти, ҳам устозларидир.
Увайсий шоиралар ичидагина эмас, балки XIX асрнинг биринчи ярми адабий меросининг ҳажми ва мавзу кўлами, ғоявий моҳияти, мазмун салмоқдорлиги, бадиий тасвир таровати жиҳатидан йирик намояндалар қаторида туради. Аммо адабиётимизда ўзининг сермаҳсул ижоди билан ўн беш минг мисралик адабий мерос қолдирган шоиранинг ҳаёти ниҳоятда оғир кечган.
Жаҳон отин Увайсийнинг умр дафтари мунаввар саҳифалар билан бошланиб, бағриқон лавҳаларда тугалланган. Увайсийнинг умр мазмуни фожеа, ҳаёт сабоқлари мужассамлашган варақлар, бу варақларда қонталаш ғунчалар янглиғ нақшланган шеърлар мажмуаси – девон бизга мерос қолган. Увайсий меросидан ёдгор қолган бир қанча қўлёзма китоблар унинг авлодлари, хусусан, невараси Ҳолжон отин – шоира Мағзий томонидан тортиқ этилган. Бу қўлёзмалар ҳажми, таркиби, шакли жиҳатидан турлича нусхалар бўлиб, уларнинг энг мукаммалида 5628 байт ёки 11256 мисра шеър мавжуд. Бу кўламли меросда девон ҳамда «Шаҳзода Ҳасан» ва тугалланмай қолган «Воқеоти Муҳаммадалихон» достонлари мужассам бўлган.
Девон яратиш Шарқ адабиётининг қадимги қутлуғ анъаналаридан биридир. Шарқда девон тузиш шоирнинг етуклик белгиси бўлган. Шоирлар ўз девонининг мазмундор ва ранг-баранг бўлишига катта эътибор қаратганлар. Девон форсча тўплам демакдир. Девон тузишга лойиқ шеъриятга эга бўлиш ҳамма шоирга ҳам насиб этавермаган, ҳар бир шоир девон яратиши шарт ҳам эмас эди.
Девонда кўпинча биринчи ўринда ғазаллар ва қасидалар, охирида эса фард ва муаммолар киритилган. Расмий мукаммал девон тузишда лирик турга мансуб асарлар муайян тартибда жойлаштирилади. Ҳар бир жанрга мансуб асарлар радифи тугаган ҳарфга биноан қатъий алифбо тартибида тузилади.
Увайсий авлодлари шоирадан тўртта девон қолганлигини айтадилар. «Увайсийнинг ўз қўли билан кўчирилган девонлардан иккитаси Мағзийнинг ёшлик чоғида йўқолган, иккитасини андижонлик лўли отин Мағзийдан олиб кетиб йўқотган. Улардан кўчирилган уч нусха қўлёзма девон Андижон давлат педагогика институти кутубхонасида сақланмоқда», деб ёзилади. Хусусан, Х.Раззоқов, И. Қосимов, Ғ.Абдуллаев, Н. Маматов томонидан нашрга тайёрланган «Увайсий девони» сўзбошисида «Бизга қадар етиб келган Увайсий девонида ғазал асосий ўрин тутади. Унда Навоий, Фузулий ғазалларига боғланган ўнлаб мухаммаслар ўрин олган. Шоира асарларида ситамдийда, ҳассос, самимий лирик қаҳрамонни учратамиз. Увайсий шеъриятидаги фикр, ғоялар, тимсолу ифодалар у яшаб ўтган заҳматли умрнинг мунгли ва оташин акс-садоларидай янграйди», дейилади.
Дарҳақиқат, бу мисралар муайян ҳаётий асосларга эга:
Ки булбул нола, афғон айламакни мендан ўрганди,
Вужудин шамғи сўзон айламакни мендин ўрганди.
Шоира умрининг катта қисми ранж-аламдан, ғам-ғуссадан, азоб-уқубатдан, айрилиқ ва ёлғизликдан фарёду фиғон билан ўтди. Шу сабаб унинг ҳар бир сатри нолавор руҳ касб этади. Шунинг учун шоирага булбул ҳазин ва дардли сайрашларни ундан ўргангандек таассурот уйғотади. Шоира бутун умри мобайнида вужуди, руҳи, меҳнати, санъатини шогирдлар тарбиясига, маънавият ва маърифат равнақига бахшида этди.
Бориб саҳрога қон бағримдин изҳор айладим бир кун,
Фалак бағрин қизил қон айламакни мендин ўрганди.
Меҳр-шафқатсиз очундан руҳига маҳрам, дил жароҳатларига малҳам тополмаган шоира ярадор оҳу янглиғ саҳрога югуради. Бағр қонларини тўка-тўка, дарду ҳасратиларидан бўзлай-бўзлай нажот излайди. Бунинг ажойиб тасвирини яратиш учун шоира уфқнинг қонранг қизариши тафсилидан маҳорат билан фойдаланган:
Сени изларман андоқким, қуёш дийдорни изларда,
Кезиб тун-кун, мингтобон айламакни мандин ўрганди.
Шубҳасиз, ўз даврида мактабдорлик қилган, ёшларга билим ва ижодкорлик сирларини ўргатган шоира номи ҳамиша барҳаёт. Марғилон шаҳрида 2006 йили ташкил этилган Жаҳон отин Увайсий музейида 200 га яқин экспонатлари сақланмоқда. Булар тошбосма китоблар, мусиқа асбоблари, кийим-кечаклар ва уй-рўзғор буюмлари, ҳатто ўз даврида шоира фойдаланган сандиқ қутиси ҳам бор. Шунингдек, музейда шоиранинг машҳур асарлари сақланади.
Музейда 1999 йилдан буён Жаҳон отин Увайсий тўгараги ҳам фаолият кўрсатади. Шу кунга қадар тўгаракда юзлаб ёшлар ижод оламининг сиру синоатидан сабоқ олдилар.
Гўзал ПЎЛАТОВА,
шоира.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг