Бухородаги 20 та маданий мерос объектида реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда
Фото: Иллюстратив cурат
Кўҳна Бухоронинг қадимий қисмида ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб осори атиқалар жойлашган. Ана шундай меъморий ёдгорликлардан бири Хўжа Калон масжиди саналади.
Мазкур масжид 1573-1579 йилларда барпо этилган. У Хўжа Гавкушон мажмуасининг таркибий қисми саналади. Бу ерда Гавкушон мадрасаси ва шу номдаги минора ҳам қад ростлаган. Маълумотларга қараганда, ушбу меъморий обидалар жўйбор шайхларидан бири Хожа Саъднинг сармояси эвазига барпо этилган. Шайх эл орасида «Хўжа Калон» ( «Буюк Хўжа») номи билан танилган.
Дафъатан машҳур Пойи Калон ансамблини эслатувчи бу гўшадаги Хўжа Калон масжиди вақт, ташқи таъсирлар ва эътиборсизлик оқибатида абгор ҳолга тушаёзганди. Жорий йилда шу нохуш манзарага чек қўйишга киришилди. Бу ерда айни пайтда реставрация ва таъмирлаш юмушлари олиб борилмоқда.
— Лойиҳага мувофиқ масжидда кенг қамровли таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади, — дейди Бухоро минтақавий реставрация марказида бригадир вазифасида ишловчи Маъмур Мирзаев. — Ҳозирга қадар масжиднинг тўртта гумбази қайта тикланди. Аркаларни ҳам асл ҳолига келтириш саъй – ҳаракатидамиз. Масжид меҳроби ҳамда обиданинг ён қанотдаги қисми қайта тикланади. Биласизми, меъморий ёдгорликларни таъмирлаш махсус билим, қунт, малакани талаб қилади. Зеро, аждодларимиз бу каби биноларни бунёд этишда аниқ фанларга, жумладан, геометрияга асосланишган, бошқача айтганда, ҳаммаси ҳисоб-китоб билан бажарилган. Шу боисдан меъмор – уста бўлиб етишиш ҳазилакам иш эмас. Масалан, бригадамизда бир йигит 20 йилдан буён шогирд мақомида ишлаяпти. Ўзимга келсак, бу ҳунарни отамдан ўрганганман. Ушбу меъморий ёдгорликни асл ҳолига келтириш учун ўз билимимиз, куч-ғайратимизни аямаймиз, албатта.
Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги 110-сонли қарорига мувофиқ ҳамда Бош вазир ўринбосари –туризм ва маданий мерос вазири томонидан тасдиқланган алоҳида Манзилли рўйхатга асосан айни пайтда Бухородаги 20 та тарихий объектда реставрация ва асрашга доир консервация ишлари олиб бориляпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг