Бухорода корейс тилини ўргатаётган мактаблар сони 2 тадан 22 тага етди

17:06 11 Февраль 2026 Жамият
400 0

Жанубий Корея билан мамлакатимиз ўртасидаги таълим, маданият, иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланаётгани корейс тилини чуқур биладиган мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ошираяпти. Шу инобатга олинган ҳолда вилоятдаги таълим муассасаларида ёшларга бу тилни ўргатиш борасидаги ишлар кўлами кенгайтирилмоқда.

-Яқин – яқинга қадар мазкур хорижий тил атиги иккита мактабда ўргатилар эди,- дейди Бухоро шаҳридаги 42 –ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби директори Ҳалима Нуруллаева.- Қисқа муддат орасида бундай таълим муассасалари сони 22 тага етди. Бевосита билим даргоҳимизга келсак, ёшларимизда корейс тилини ўқиб – ўрганишга иштиёқ катта. Мактабимиз Жанубий Кореянинг бир қатор ўқув муассасалари билан ҳамкорлик меморандуми тузган. Педагогларимизнинг шу мамлакатда малака оширишлари анъана тусини олмоқда.Айни пайтда бизда шу давлатдан келган педагог ҳам меҳнат қилаяпти.

Эътиборлиси, мазкур мактабда Жанубий Кореянинг ENOZ таълим муассасаси ҳамкорлигида сунъий интеллект ва ахборот – коммуникация технологияларига асосланган янги ўқув модели жорий қилинди.

Айтмоқчи, куни кеча ушбу ташкилот, шунингдек, Ўзбекистондаги Корея таълим маркази масъуллари ҳамда Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда янги ўқув моделини бошқа таълим масканларида ҳам жорий этиш, Бухоро шаҳрида Корея таълим маркази филиалини очиш, шу давлатдан жалб этиладиган педагоглар сонини кўпайтириш, корейс тили ўқитувчилари малакасини ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер